Untitled Document

Тарих... Термиз

Тян-шан ва Помир музликларидан сув ичиб, минг йиллар мобайнида Мовароуннаҳр ва Туркистон  далаларига ҳаёт бахш этмоқда. Ўтмишда Ўқуз, Жайҳун номи билан аталган Амударё, даврлар ва кенгликлар ошиб, давлатлар, салтанатлар ва тараққиётнинг яшнаш ва заволга юз тутиш онларига гувоҳ бўлган.

Қадимги одамлар дарёни неолит давридаёқ сол ва қайиқлар билан ўз измларига олиб, савдо йўллари кесишган жойларда кечувлар қилинган. Буюк дарёнинг қадимги кечувларидан бири, унга Сурхондарёнинг жўш урган оқими қўшилган жой яқинида пайдо бўлган. Минг йиллар давомида бу ер, Ҳиндистон ва Хитой, Рум ва Юнонистон, Эрон ва Миср, Византия ва Рус савдогарларининг карвонлари ўтган савдо йўллари чорраҳаси эди.

Турли қабила ва халқлар тарихи унга Ўқуздаги Александрия, Антиохия, Тармида ва ниҳоят Термиз номларини муҳрлади. Доро замонидаёқ маҳаллий бозорларда ҳукмдорлар шарафига танга чақалари зарб этилган. Афсоналар ва солномалар шаҳар ўтмишини Аҳмонийлар ва Александр Македонский, Антеох ва Юнон, Бақтрия шоҳлари, Кушонлар ва Сосонийлар, Сомонийлар ва Хоразм шоҳлар билан боғлайди.

Шаҳарнинг ўрта асрлардаги тараққиёти Ислом маданияти билан боғлиқ. Буюк мутасаввуф ва муҳаддис Имоми Термизий ва термиз саййидлари тарғиб қилган мусулмон диёнати анъаналари ҳозирда ҳам барқарор. Уларнинг ўгитларини Амир Темур, Улуғбек, Ҳожа Аҳрор Валий ва Бобур юксак эъзозлаганлар. Мана икки ярим минг йилдан буён авлодлар, буюк аждодлар меъросидан қаноат, аҳиллик, билим ва бунёдкорлик қудратини олиб, уларни кўз қорачиғидай эъзозлаб келмоқда.