Куннинг тарихи... Ҳазрати Али
Ҳазрати Али саҳобаларнинг улуғларидан бўлиб, пай-ғамбаримизнинг (алайҳиссалом) куёвлари ва тўртинчи халифалари эди. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толибнинг ўғли. Ҳазрати Али ҳижратдан 23 йил муқаддам, м. 599 йили Маккада туғилган. 40 (м.660) йилда шаҳид этилган. Ҳазрати Али жаннат билан суюнчиланган 10та саҳобанинг тўртинчиси, аҳли байтнинг биринчисидир.
Бир куни жаноби пайғамбаримиз ҳазрати Алидан сўрадилар: “Ё Али, 600 минг қўйинг бўлишини истайсанми ё 600 минг олтининг бўлишиними, ёки 600 минг насиҳат истайсанми?” Ҳазрати Али: “600 минг насиҳат истайман” деди. Жаноби пайғамбаримиз марҳамат қилиб айтдилар: “Қуйидаги олти насиҳатга амал қилсанг, 600 минг насиҳатга амал қилгандек бўласан:
1. “Ҳамма нофилалар билан вақт ўтказаётганда сен фарзларга эътибор бер. Яъни фарзлар ичидаги рукнларни, вожибларни, суннатларни, мустаҳабларни адо эт!
2. Одамлар дунё ишлари билан бандлигида сен Аллоҳу таолони хотирла. Яъни дин билан банд бўл, динга мувофиқ яша, умрингни динга мос ўтказ!
3. Ҳамма бир-бирининг айбини излаётганда сен ўз айбингни изла ва ўз камчиликларинг билан машғул бўл!
4. Ҳамма дунёни обод қилиш билан оввора бўлаётганда сен динингни обод қил, безат.
5. Ҳамма халқни қалбидан жой олишга, халқнинг розилигини топишга уринаётганда сен Ҳақнинг розилигини изла. Аллоҳу таолога яқинлаштирувчи сабаб ва воситаларни ахтар!
6. Ҳамма амалини кўпайтириш билан банд бўлаётганда сен амалинг кўплигига эмас, ихлосли бўлишга эътибор бер!”